Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистоннинг улкан ташаббуси сири

Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази — бу оддий меъморий иншоот эмас, балки чуқур маъно ва цивилизацион ёндашувни ўзида мужассам этган маскандир. Қарийб 9 йил давомида бунёд этилган ушбу мажмуа бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги энг йирик илмий-маърифий марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бино меъморчилигидаги салобат, мукаммал геометрик шакллар, нафис нақшлар ва деворлардаги муқаддас ёзувлар ислом меъморчилигининг асрлар давомида сайқалланган анъаналарини замонавий услуб билан уйғунлаштирган. Ҳар бир архитектура элементи — бу нафақат эстетика, балки маъно, рамз ва тарихдир. Шу боис, Марказга ташриф буюрган ҳар бир инсон ҳали ичкарига кирмасданоқ унинг қандай улкан ва серқирра маънавий олам эканини ҳис этади.

Марказ ичига қадам қўйиш билан бу тасаввур реал тажрибага айланади. Бу ерда барча йўналишлар — дин, тарих, илм-фан ва санъат — алоҳида-алоҳида эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ягона манзара сифатида намоён бўлади. Ана шу уйғун манзаранинг марказида эса Қуръони Карим зали жойлашган бўлиб, у Ислом маънавиятининг энг чуқур илдизларини намоён этувчи муқаддас макон ҳисобланади. Бу ерда Марказнинг юраги ва ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган муқаддас мерос — VII асрга мансуб, халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида кўчирилган Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланмоқда. Шунингдек, залда Ўзбекистон билан боғлиқ 114 та Қуръон қўлёзмалари намойиш этилган бўлиб, деворларда оятлар билан безатилган 8 та ипак гилам жойлаштирилган.

Айнан шу руҳий асос устида шаклланган илм-фан ва маданият кейинчалик инсоният тараққиётига йўл очган. Марказ экспозициялари мазкур жараённи босқичма-босқич намоён этади — Исломдан аввалги цивилизациялардан тортиб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари орқали Янги Ўзбекистонгача бўлган тараққиёт йўли замонавий, интерактив ва кўргазмали тарзда ёритилган. Бу ерда маънавият ва илм уйғунлиги инсоният тараққиётининг узвий занжири сифатида талқин этилади.

Марказ экспозицияларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг мероси улар яшаган давр ва илмий муҳит билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этилган. Бу орқали илм-фаннинг шаклланиши ва ривожланиш жараёнлари аниқ ва тушунарли тарзда очиб берилади.

Бу ерда ташриф буюрувчилар шунчаки томошабин бўлиб қолмайди — улар экспозицияни кўради, эшитади ва ҳис қилади; рақамли технологиялар орқали алломалар образлари билан “мулоқот қилиш” имконига эга бўлади. Натижада ташриф оддий кузатув эмас, балки илм ва цивилизацияни бевосита ҳис қилиш тажрибасига айланади.

Марказ фаолиятининг асосий йўналиши — ислом цивилизацияси меросини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда тадқиқ этиш ва замонавий шаклларда кенг жамоатчиликка етказишдан иборат. Шу билан бирга, бу маскан миллий тарих ва маънавий қадриятларни халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилади. Бу ерда анъана ва инновация уйғунлиги яққол намоён: интерактив панеллар, 3D визуализациялар ва рақамли технологиялар орқали экспозициялар нафақат кўрилади, балки тўлиқ ҳис этилади. Шу тариқа Марказ aнъанавий музей тушунчасидан чиқиб, замонавий илмий ва таълим платформасига айланмоқда.

Бу улкан лойиҳа ташаббускори — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Ва давлат раҳбари Марказнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни қуйидагича таърифлайди:

“Биз бунёд этаётган Ислом цивилизацияси маркази — бу фақат музей эмас, балки халқимиз тарихи, илм-фани ва маънавиятини жаҳонга намоён этадиган илмий-маърифий маскандир.”

Ушбу фикр Марказнинг моҳиятини аниқ ифода этади: у ўтмиш меросини сақлаш билан чекланиб қолмай, унинг мазмунини замонавий дунёга етказишга хизмат қилади.

Қисқа вақт ичида Марказ катта ютуқларга эришди: у ҳар куни ўртача 5000 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонларни қабул қилмоқда. Ташриф буюрувчилар Марказда яратилган муҳит, замонавий технологиялар ва экспозицияларнинг мазмундорлигини алоҳида эътироф этиб, ўзларида чуқур таассурот қолдирганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Марказ нуфузли халқаро делегациялар диққат марказига айланиб, замонавий музей технологиялари жорий этилган илғор майдон сифатида баҳоланмоқда.

Хусусан, Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш Марказ ҳақида шундай деди:

“Бу музейни таърифлашга сўз топиш қийин — чинакамига ҳайратланарли. Умримда бундай музейни ҳали кўрмаганман”.

“БМТ туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайснинг таъкидлашича, цивилизациялар тарихи бу ерда замонавий технологиялар ва иммерсив санъат орқали жуда таъсирли тарзда тақдим этилган бўлиб, бу каби формат ташриф буюрувчилар учун нафақат ахборот, балки чуқур тажриба ҳам тақдим этади. У Марказни Тошкент ва бутун Ўзбекистон учун муҳим маданий ва туризм нуқтаси сифатида баҳолади.

Image #2

Парагвай Президенти Сантьяго Пеньянинг фикрича, “Ўзбекистон тарихи — инсоният цивилизациясининг ажралмас қисми. Бу заминдан дунё илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган мерос шаклланган”.

Бу фикрлар Марказнинг халқаро даражада қандай қабул қилинаётганини яққол кўрсатади.

Муҳим воқеалардан бири сифатида қайд этиш мумкинки, Марказ 2026 йил 13 апрель куни Марказ Guinness World Records томонидан расман “дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида қайд этилди. 

Шу билан бирга, туркий дунё маданий ҳамжамияти — TURKSOY томонидан Марказ музейи “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб топилиб, халқаро анжуман доирасида алоҳида эътироф этилди. 

Бундан ташқари, Марказ АҚШдаги Smithsonian институтининг расмий нашри — Smithsonian Magazine томонидан 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилаётган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилди. Бу эса Марказни жаҳоннинг энг йирик музей лойиҳалари қаторига қўйиб, унинг глобал маданий ва илмий аҳамиятини янада мустаҳкамлади. Бу эътирофлар Марказнинг жаҳон музей маконида алоҳида ўрин эгаллаётганини тасдиқлайди.

Бу каби юксак баҳолар Марказнинг жаҳон илмий ва маданий ҳамжамиятидаги нуфузини мустаҳкамлаб, уни халқаро мулоқот ва ҳамкорликнинг муҳим платформаси сифатида намоён этмоқда. Энг муҳими, бу ерда ҳар бир экспозиция, ҳар бир элемент ягона ғояга хизмат қилади — инсон цивилизацияси турли соҳалар уйғунлиги орқали юксалади.

Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази — бу шунчаки тарихни намойиш этувчи макон эмас, балки уни англаш, ҳис қилиш ва замонавий тафаккур билан қайта талқин этиш имконини берувчи ноёб маънавий ва илмий муҳитдир. Бу ерда ўтмиш ва бугунги кун ўртасидаги боғлиқлик аниқ намоён бўлиб, инсон цивилизациясининг узвий тараққиёт йўли чуқур мазмун билан очиб берилади. Марказ нафақат миллий меросни сақлаш ва тарғиб қилишга, балки уни жаҳон ҳамжамиятига замонавий ва таъсирчан шаклда етказишга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, бу маскан инсонни ўз илдизларига қайтариб, унинг маънавий ва интеллектуал дунёсига таъсир кўрсатади, ўтмиш тажрибасидан илҳом олган ҳолда келажакни англашга ва яратишга ундайди. Шу жиҳатдан, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистоннинг миллий ғурури, балки цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамловчи ва глобал маданий ҳамкорликни ривожлантирувчи муҳим майдон сифатида намоён бўлмоқда.

Шаҳина Алижонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1303026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1045729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
827327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.