
Янгиликлар
Франциялик олимани Темурийлар меросига муносабат қаттиқ таъсирлантирди
Франциялик олима, Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмасининг президенти ва ҳаммуассиси — Фредерик Брессан хоним Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Франциялик олима Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ислом цивилизациясининг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни жаҳон илм-фани ва маданий муҳитига интеграция қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда бу борадаги салоҳиятни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида UNESCO, ICESCO, IRCICA, TURKSOY каби хорижий нуфузли ташкилотлар қаторида Темурийлар уюшмаси учун ташкил этилган махсус офис билан танишди. Олима ушбу эътибор ва яратилган имконият учун миннатдорлик билдирган ҳолда, ўзи раҳбарлик қиладиган уюшма учун ташкил этилган алоҳида офис Темурийлар меросини ўрганиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қиладиган муҳим майдон бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, ташриф доирасида Фредерик Брессан хоним Марказ экспозициялари билан танишаркан, Қуръони Карим залидаги нодир манбалар ва уларнинг замонавий тақдим этилиши, шунингдек, Иккинчи Ренессанс — Темурийлар даврига бағишланган бўлимдаги бой тарихий ва маданий мерос олимада чуқур таассурот қолдирди. Экспозицияларда Темурийлар сулоласининг давлатчилик анъаналари, илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси замонавий мультимедиа воситалари орқали таъсирчан тарзда ёритилган.
Фредерик Брессан, Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси президенти:
– Мен жуда ҳайратдаман, чунки бундай махсус хонани кўраман, деб умуман кутмаган эдим. Айниқса, Темурийлар жамияти логотипини кўриб, жуда фахрландим. Бу жамият кўп йиллардан бери фаолият юритиб келмоқда. Мен учун энг таъсирли жиҳат — ушбу жамиятнинг камтарона ташаббус сифатида бошланиб, бугун 37 йил давомида барқарор фаолият юритиб келаётганидир. Бунинг барчаси Амир Темур ва Темурийлар мероси билан боғлиқ. Айниқса, мен Мирзо Улуғбекни жуда қадрлайман. Биз Темурийлар меросини Франция, Европа ва Америкада кенг тарғиб қилиб келяпмиз. Шу мақсадда кўплаб илмий анжуманлар, тадқиқотлар ва маданий тадбирлар амалга оширилди. Бугун эса Ўзбекистонда шундай замонавий Марказ барпо этилганини кўриб, жуда хурсандман.
Марказдаги экспозиция ва тақдимот жуда пухта ва юқори даражада ташкил этилган. Бу жой кўплаб инсонларни жалб этади ва уларда чуқур таассурот қолдиради. Бу ердаги ноёб экспонатлар ва бой мерос ҳақиқатан ҳам юксак баҳога лойиқ. Айни пайтда уюшма томонидан “Passion Ouzbékistan” — “Ўзбекистонга муҳаббат” номли китоб устида изчил иш олиб борилмоқда. Ушбу нашр сўнгги ўттиз йил давомида амалга оширилган фаолиятни умумлаштириб, ўзбек ва француз халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ёритишга қаратилган. Бугун бу бой меросни дунёга намоён этиш учун яратилган имкониятлар мени жуда қувонтиради.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.