
Янгиликлар
Euronews: "Буюк Британия полицияси ноқонуний айланмадан мусодара қилинган қадимий артефактларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига қайтарди."
Дунёнинг етакчи Euronews телеканалида ёритилган материалда Буюк Британия полицияси томонидан ноқонуний айланмадан мусодара қилинган қадимий артефактларнинг Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берилади. Таъкидланишича, II–VIII асрларга мансуб ноёб топилмалар халқаро ҳамкорлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иштирокида аниқланиб, эндиликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланиб, ўрганилади. Мазкур жараён маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни тарихий ватанга қайтариш борасидаги глобал саъй-ҳаракатларнинг муҳим намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Артефактлар музейлар ва санъат бозори билан ҳамкорлик орқали маданий бойликларни аниқлаш ва қайтаришга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланади. Топшириш маросими Амир Темур таваллудига бағишланган халқаро маданий тадбир доирасида бўлиб ўтди.
Лондон шаҳридаги Metropolitan Police томонидан аниқланган II–VII асрларга мансуб тўққизта артефакт Ўзбекистонга қайтарилмоқда.
Ушбу буюмлар ноқонуний равишда олиб чиқилган бўлиб, 2025 йил ноябрида “Operation Inherent Vice” деб номланган тергов доирасида мусодара қилинган.
Ўтказилишидан олдин улар Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида намойиш этилди. Артефактлар қаторига II–V асрларга оид гипс ва терракотадан ясалган ҳайкал бошлари киради. Улар Кушон даври ва қадимги Термиз, жумладан Қоратепа, Файозтепа ва Далверзинтепа каби буддавий санъат марказлари билан боғлиқ.
Шунингдек, топилмалар орасида VII–VIII асрларга оид деворий расмлар парчалари ҳам бор. Айримлари суғд санъат анъаналари ёки Жанубий Ўзбекистондаги илк монументал мактаблар билан боғлиқ деб ҳисобланмоқда.
Тергов жараёни Европа бўйлаб олимлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида олиб борилди. Metropolitan Police маълумотига кўра, бу иш маданий мероснинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида амалга оширилган.
Лондондаги Al-Furqan Islamic Heritage Foundation бош директори Сали Шаҳсиварий артефактларнинг қайтарилиши фақат моддий қиймат эмас, балки тарихий хотира билан боғлиқлигини таъкидлади:
“Бу жараён бошқа артефактларни ҳам ўз юртига қайтаришга туртки бўлиши мумкин”.
Топшириш маросими Лондонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро тадбир доирасида бўлиб ўтди. Унда олимлар, маданий муассасалар ва расмийлар иштирок этиб, маданий меросни муҳофаза қилиш ва ноқонуний савдони олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Organisation for Security and Co-operation in Europe ҳамда WOSCU ташкилоти кўмагида олиб борилган ишларда халқаро ва маҳаллий олимлар иштирок этгани қайд этилди.
Art Loss Register ҳам артефактларни қайтариш жараёнида муҳим роль ўйнади. Ушбу жараён бир санъат савдогари буюмлардан бирининг келиб чиқишига шубҳа билдирганидан кейин бошланган.
Артефактлар ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинмоқда. У ерда улар сақланади, ўрганилади ва экспозицияга қўйилади.
Марказ директори Фирдавс Абдуқаликов таъкидлашича, 2017 йилдан буён маданий меросни қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. У Лондон жаҳон санъат бозорининг муҳим марказларидан бири эканини, шу боис у ердаги муассасалар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга эканини айтди.
“Бу ноёб артефактларнинг қайтарилиши нафақат Янги Ўзбекистон учун ютуқ, балки халқаро ҳамкорликнинг кучини намоён этади”, — деди у.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар маданий меросни сақлашда келиб чиқишни ўрганиш ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширади.
Art Loss Register вакиллари ҳам маданий объектларни излаш ва қайтариш ишлари миллий маданиятни тиклашнинг муҳим қисми эканини қайд этди.
Марказ вакиллари музейлар, галереялар ва аукцион уйлари билан ҳамкорликни давом эттириш орқали яна бошқа артефактларни топиш ва қайтариш режалаштирилаётганини билдирди.
Қайд этилишича, қайтарилган артефактлар турли тарихий даврларга мансуб бўлиб, Марказий Осиёдаги маданий ривожланишни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.